СТАТИСТИКА: «Бавария»: рақамлар тилга кирганда...

СТАТИСТИКА: «Бавария»: рақамлар тилга кирганда...

27 февраль санасида Мюнхеннинг «Бавария» клуби 123 ёшга тўлди

Катта жамоага йўлланган каттакон табрикларга қўшилган ҳолда, немис рекордмайстери тарихидаги 20та муҳим рақамларга тўхталиб ўтишни лозим топдик.

32та Германия чемпиони унвони. Германия гранди ўзининг илк чемпионлигини олис 1931/1932 йиллар мавсумида, Бундеслига ташкил этилишидан анча аввал қўлга киритганди. Бундеслига даврида жамоа 59та турнирнинг 31тасида ғолиб чиқди. «Бавария»нинг кубок мусобақаларидаги ғалабалари озроқ - 20та. Лекин бу борада 2-ўринни банд этган «Вердер» ҳисобида 6та кубок бор.

13та дубль. 2020 йилда «Бавария» ўзининг 13-ички дублини нишонлади: шу пайтгача бир мавсумда чемпионат ва Кубок мусобақасида бир мартадан кўпроқ ғолиб чиқиш бошқа бирорта жамоага насиб этмаган.

91 очко. 2013 йилда Юпп Хайнкес раҳбарлигида «қизиллар» рекорд мақомидаги очколар билан чемпионлик шоҳсупасига кўтарилдилар. Шунингдек, ўша мавсумда «Бавария» немис жамоалари орасида биринчи бўлиб требл соҳибига айланди: чемпионат, кубок, ЕЧЛ. 2019/2020 йиллар мавсумида муваффақият ортиғи билан такрорланди. Ханси Флик жамоаси клуб футболидаги барча совринларни қўлга киритди: Германия ва УЕФА Суперкубоклари ва КЖЧ Кубоги классик требл совринлари ёнидан жой олди. Шу тариқа «Бавария» «Барселона»дан (2009) мавсумнинг 6та турнирида зафар қучган иккинчи жамоага айланди.

25 очколик фарқ. 2012/2013 йиллар мавсумида жамоа шоҳсупага нафақат рекорд очколар билан, балки асосий таъқибчисидан рекорд мақомидаги фарқ билан ўзиб кетган ҳолда кўтарилганди.

27 чемпионлик тури. 2013/2014 йиллар мавсумида «Бавария» Хосеп Гвардиола раҳбарлигида парвозни давом эттирди ва Бундеслига тарихидаги тезкор чемпионликни нишонлади. Март ойи охирида бўлиб ўтган «Герта»га қарши 27-тур баҳсида «кумуш лаган» тақдири ҳал бўлди. 

101та гол. 1971/1972 йиллар мавсумида жамоа урилган голлар бўйича рекорд ўрнатди. Орадан 48 йил ўтгач, «қизиллар» мазкур рекордни такрорлашга жуда яқин келишди - 100та гол. Яхлит рақам!

17та ўтказиб юборилган гол. 2015/2016 йиллар мавсумида жамоа нафақат сермаҳсул ҳужуми, балки ишончли ҳимоя чизиғи билан тенгсиз натижани қайд этди. Яъни, 34та ўйинда ўз дарвозасидан 17та тўп ўтказиб юборди.

Қаторасига 10та соврин. 2012/2013 йиллар мавсумидан бошлаб, қаторасига 10 марта «Бавария» Бундеслигада ғолиб чиқди - топ-чемпионатлар бешлиги рекорди. Иккинчи натижа «Ювентус»га тегишли: туринликлар 2011-2020 йилларда «А» серияси ғолиби бўлишган.

29 ғалаба. 2012/2013 ва 2013/2014 йиллар мавсумлари - «Бавария» триумфлар даврининг пойдевори. Жамоа қаторасига 2 марта чемпионатнинг 34 учрашувидан 29тасини (лига рекорди) ўз фойдасига ҳал қилган.

1 мағлубият. «Бавария» ўз тарихида 2 марта - 1986/1987 ва 2012/2013 йиллар мавсумларида атиги бир мартадан мағлубият аламини тотиб кўрган. Қизиғи, бундай «ҳурматсизлик»ни Леверкузеннинг «Байери», боз устига, рақиб майдонида намойиш этган: 1986 йилнинг 1 ноябрида мюнхенликлар 0:3, 2012 йилнинг 28 октябрида 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришган.

Қаторасига 19 ғалаба. Узлуксиз ғалабалар сони бўйича рекордни «қизиллар» 2013/2014 йиллар мавсумида ўрнатишган. Кейинги ўринларни банд этган «Боруссия М»да, 12та, «Вольфсбург»да 10та узлуксиз ғалаба бор.

46 мамлакат. «Бавария» - халқаро клуб. 123 йил ичида унинг таркибида 46 мамлакат вакиллари тўп суришган.

Мавсумда 41та гол. 1971/1972 йиллар мавсумида афсонавий Герд Мюллер 40та гол уриб, Бундеслиганинг абадий рекордини ўрнатгандек бўлганди. 2020/2021 йиллар мавсумида Роберт Левандовски 34та ўйинда 41та гол уриб, бу рекордни янгилади. Бироқ Герд ҳамон Бундеслиганинг энг яхши тўпурари , 427та учрашувда 365та гол. 2-ўринда Роберт: 384-312.

85та голли ўйинлар серияси. 2020 йил февралидан 2021 йил октябрига қадар «Бавария» қаторасига 85та учрашувда майдонни голсиз тарк этмади. Шу тариқа топ,чемпионатлар бешлигининг рекорди янгиланди: аввалги юқори кўрсаткични 2016/2017 йиллар мавсумида «Реал» ўрнатганди - 73та голли ўйин.

22та «қуруқ» ўйин. 2014/2015 йиллар мавсумида «Бавария» узлуксиз 22 марта ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олганди. Бунга асосий дарвозабон Мануэль Нойер 32та ўйиннинг 20тасини «қуруқ» ўтказиш билан ҳисса қўшган, 2та ўйинда Пепе Рейна ишончли ўйнаганди.

Мюллернинг 11 чемпионлиги ва Швайн­штайгернинг 7 кубоги. 2021/2022 йиллар мавсумида Томас Мюллер ўзининг 11-чемпионлигини нишонлаганди. Бастиан Швайнштайгер эса миллий кубок рекордчиси - 7та.

473та ўйин. Ички чемпионатдаги учрашувлар сони бўйича энг яхши натижа ҳам «Бавария» вакилига тегишли , афсонавий Зепп Майер 473 марта гранд дарвозасини қўриқлаган. Ўйинларнинг 442тасида тўлиқ тўп сурганлиги эса яна бир рекорд кўрсаткич.

21та олтин бутса. Бундеслиганинг энг яхши тўпурарига аталган нуфузли соврин 21 марта «Бавария» вакилларига насиб этган. Герд Мюллер ва Роберт Левандовскида 7тадан олтин бутса бор. Бу борада 2-натижа 5 мартадан ғолиб чиққан «Боруссия Д» ва «Кёльн» мерганларида.

16 ёш. «Бавария» сафида чемпионликка эришган энг кичик ғолибнинг ёши. 2021/2022 йиллар мавсумининг 18-турида «Боруссия М»га қарши илк марта майдонга тушган Пол Ваннер якунда Жамол Мусиаланинг 2020 йилда ўрнатган рекордини (17 ёш) янгилаган.

21 самарали узатма. 2019/2020 йиллар мавсумида Томас Мюллер шунча ассистни амалган оширган.

300000 нафар аъзо. «Бавария» клубининг дастлабки расмий аъзоси Хейнер Юнглинг. У 1939 йилда клуб аъзоси бўлган. Бу йилнинг февралида, жамоа ўз юбилейини нишонлаши арафасида, «Бавария» аъзолар сони 300000 нафарга етганлигини эълон қилди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади