Энди U-17 Осиё кубоги нима бўлади?

Энди U-17 Осиё кубоги нима бўлади?

Жорий мавсум атиги 7та мамлакат ОФК клублар рейтингида 10 баллдан кўпроқ ишлади, холос:

Саудия Арабистони - 25,600; Жанубий Корея - 21,600; БАА - 21,000; Япония - 19,600; Хитой - 11,600; Ўзбекистон - 11,250; Қирғизистон - 10,633. Бу Қирғизистон учун муайян мавсумдаги энг яхши натижадир. Қўшниларимиз бунга қадар энг юқори натижага 2019 йили эришгандилар - 2,433 балл.

*** 

- Шу кунларда энг кўп берилаётган савол: «Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳар йили ўтказилса, U-17 тоифасидаги Осиё кубоги тақдири нима бўлади?» Энди Осиё кубоги ҳам ҳар йили ўтказиладиган мусобақага айланишини кутиш мантиқан тўғри бўларди. Дейлик, УЕФА бу тоифада ўз чемпионатини ҳар йили ташкил этади. Бироқ айтишларича, ОФКда бошқача режалар бор. 2025 йилги турнир эски формат бўйича ўтказилса (саралаш турнири ва 16та жамоа иштирок этадиган финал босқичи), кейингисиданоқ ЖЧга ОФК номидан борадиганлар саралаш тизими воситасида аниқланади. Яъни ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал раунди бекор қилинади. Бошқача айтганда, ОК-2025 (ўсмир йигитлар) ва ОК-2024 (қизлар)да ғалаба қозонадиган жамоалар маълум муддат ушбу ёш тоифасида қитъанинг сўнгги чемпиони мақомила қолади. Осиё сизга Европа эмас. УЕФАдан фарқли ўлароқ, ОФКда ҳар йили турнир финал босқичини ўтказиш имконияти йўқ. Қолаверса, бу тоифадаги турнирни қабул қилишга талабгорлар сони тобора камайиб бормоқда.

***

- Март ойига белгиланган ФИФА кунлари расман душанба оқшоми (18 декабрь) бошланди. Тўғри, айрим жамоалар бунга қадар нафақат йиғин бошлаш, балки ўртоқлик ўйини ўтказишга ҳам улгурди. Жумладан, Қозоғистон миллий жамоаси аввалги пайшанба куни Дубайда Туркманистон термасини 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. Ёпиқ ўйин - мухлисларсиз, журналистларсиз, яна трансляцсия йўқ. Учрашувнинг «ёпиқ эшиклар» ортида ташкил этилганини ҳар икки жамоа муҳим синовларга ҳозирлик кўргани билан изоҳлаш мумкин. Қозоғистон термаси Евро-2024 саралаши «плей-офф» босқичида ўйнаса, туркманларни олдинда ЖЧ-2026 квалификациясидан ўрин олган Эрон термасига қарши икки учрашув кутмоқда. Аммо дунёда шундай жамоалар ҳам борки, улар март ойида расмий ўйинлардан холи. ФИФА эса айнан бўш терма жамоалар учун бутун дунё бўйлаб бир неча турнирни йўлга қўймоқда - FIFA Series. Жами 5та мини-турнир Жазоир, Озарбайжон, С.Арабистони (2та) ва Шри-Ланкада ташкиллаштирилади. ФИФА ҳар бир турнир иштирокчиларини шакллантиришда турли конфедерациялардан вакил танлашга ҳаракат қилган. Бу яхши ғоя, албатта. Зеро, бу жамоалар одатда бир-бирига тўқнаш келмайди. 

FIFA Series иштирокчилари

Жазоир: Жазоир, Андорра, Боливия, ЖАР

Озарбайжон: Озарбайжон, Болгария, Мўғулистон, Танзания

Саудия Арабистони («А» гуруҳи): Камбоджа, Кабо-Верде, Экваториал Гвинея, Гайяна

Саудия Арабистони («В» гуруҳи): Бермуд ороллари, Бруней, Гвинея, Вануату

Шри-Ланка: Бутан, МАР, Папуа-Янги Гвинея, Шри-Ланка

Қизиғи, иштирокчилар орасида расмий турнирлардан мутлақо холи Россия термаси йўқ. Дейлик, бу жамоа Жазоирдаги турнирда Андорра ўрнига қўйилганида, гуруҳни яққол кучайтирарди.

Умуман, FIFA Series ҳар жуфт рақамли йилнинг март ойидаги ФИФА кунлари ўтказилади. Шундай экан, 2026 йили, яъни жаҳон чемпионати финал босқичи стартига 3 ой қолган вақт иштирокчилар таркиби қандай кўриниш олишини кўриш қизиқ бўлади. Дарвоқе, ФИФА охирида FIFA Series турнирига мезбонлик қиладиган яна бир мамлакат номини эълон қилди - Миср. Қолаверса, гуруҳ таркиби ҳам энг кучлиси бўлиб чиқди: Миср, Хорватия, Янги Зеландия, Тунис. Демак, FIFA Series бу йил 5та эмас, 6та мини-турнирни ўз ичига олади.

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»